Ҳар йилги долзарб мавсум, ғалла ўрим-йиғимини вилоятда уюшқоқлик билан ташкил этиш, ғалла ўрим комбайнлари ва уларга кўмаклашадиган транспорт воситалари шайлигига бағишланган кўргазмали ўқув-амалий семинари Вобкент туманидаги “Garden Buxoro Agroklaster” МЧЖда ташкил қилинди.
Долзарб мавсумда бор куч ва имконият бобо-деҳқон, миришкор фермер хўжаликлари томонидан машаққат билан етиштирилган ризқ-рўз манбаи—буғдой ҳосилини нест-нобуд қилмасдан, тез ва сифатли саранжомлаб олишга қаратилган тадбирда вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Амрилло Назаров, вилоят прокурори Улуғбек Ҳамдамов, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов, фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Шукрулло Аюбов, шунингдек, туманлар ҳокимлари билан биргаликда қишлоқ хўжалигига дахлдор агрокластерлар, таъминотчи, хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотлар масъул-мутасаддилари иштирок этдилар.
Семинарда таъкидланганидек, жорий йил ҳосили учун ризқ-рўз манбаи—сара буғдой етиштиришда вилоят миқёсида жами 3 минг 70 та фермер хўжалигининг 65 минг гектардан иборат ғалла майдонида буғдойнинг серҳосил навлари экиб етиштирилди. Шундан, айни кунда 59 минг 780 гектар ер майдонида товар дон, 5 минг 220 гектарда уруғлик дон, ўрим-йиғим мавсуми якуни билан ялпи ғалла хирмонини 520 минг тоннадан ошириш мақсад қилинган. Миришкор ғаллакорлар пешона тери эвазига бу йил ҳар гектар ҳосилдорлигини 80 центнерга етказиш ҳаракатига киришилган. Шунингдек, жорий мавсумда 15 минг 700 тонна уруғлик дон жамғариш белгиланган.
Бухоролик ғаллакорлар ялпи хирмонини бунёд этишда Бухоро туманида 5462 гектар ердан 13373 тонна, Вобкент туманида 6661 гектар ердан 16780 тонна, Жондор туманида 7201 гектар ердан 18971 тонна, Когон туманида 4511 гектар ердан 12530 тонна, Қоракўл туманида 6034 гектар ердан 17100 тонна, Қоровулбозор туманида 5926 гектар ердан 15715 тонна, Олот туманида 5370 гектар ердан 15221 тонна, Пешку туманида 5412 гектар ердан 13036 тонна, Ромитан туманида 6414 гектар ердан 15898 тонна, Шофиркон туманида 6601 гектар ердан 18569 тонна, Ғиждувон туманида 5246 гектар ердан 12630 тоннага етказиб товар дон етиштириш учун бор куч ва имконият сафарбар қилинмоқда. Бу борада Бухоро шаҳридаги тажриба-синов хўжаликлари ҳам мавжуд 161 гектар ердан умумий ҳисобда 8 минг тоннага етказиб бошоқли дон билан улуш қўшиш ҳаракатидалар.
Айни кунда вилоятда қизғин тайёргарлик кўрилган ғалла ўрим-йиғим тадбирига жадал киришиш ва бу мавсумни юқори суръатда ва талофатларсиз якунлаш учун жами 182 та юқори унумли комбайн агрегати жалб қилинмоқда. Мазкур агрегатларнинг 134 таси “СASE” 42 таси “KLASS” ва ўнга яқини “VEKTOR” ҳамда “DOMINATOR” комбайнларидир. Ўрим-йиғим даврида ҳар бир комбайнга 5 тадан дон ташиш транспорт воситаси бириктирилаётгани қўшилса, ғалла майдонларида июнь ойи дастлабки ҳафтасидан киришиладиган қизғин мавсумда мингдан ортиқ техника воситаси кучидан фойдаланилади.
Шу билан бирга, ўримда қатнашадиган комбайнлар бригадаларидан ташкил топган 182 та ўрим отряди тузилган бўлиб, уларга ёқилғи ташиш, мобил техник хизмат кўрсатиш шахобчалари, шунингдек, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар хизматларидан вакиллар бириктирилмоқда.
Долзарб мавсумда айниқса, масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Buxoro Agroklaster”, “BST Agroklaster”, “WBM Romiteks”, “Parvoz Xumo Ravnaq Trans”, “Merganteks”, “Qorakoʻl Kumush kalava”, "Ark Eco Textile Cluster", “Buxoro Zarhal teks”, “Bahor Chanch Tekstil” агрокластурлари, шунингдек, “Яккатут пахтачилик, ғаллачилик, шоличилик, ва уруғчилик кластери раҳбарлари зиммасига алоҳида масъулият юкланган.
Семинарда ҳозир бўлганлар тез кунларда ўрим-йиғимга тушадиган юқори унумдор қишлоқ хўжалиги техника воситалари кўргазмаси билан ҳам танишдилар.